«Ўзбек тилининг синоним сўзлар ўқув луғати»

0
493

Жаҳон лексикографияси илк ёзма адабиёт, хусусан, лингвистик манбалар луғат кўринишида юзага келгани, дастлабки луғатлар тил ўрганиш мақсади билан яратилгани ва мактаб қўлланмаси, грамматика вазифасини бажарганини илмий асослаб берди. ХХ аср бошларида умумий лексикографиядан ўқув луғатчилиги ажралиб чиқди ва ўқув луғатларининг замонавий авлодларини яратишга алоҳида эътибор қаратди. Тилшунослик ва педагогика фанлари оралиғидаги лингводидактик йўналиш − ўқув луғатчилиги тармоғининг махсус соҳа сифатида ривожланаётганлиги, айниқса, эътиборга молик.
Айни пайтда ўқув луғатлари миллий қадриятларга содиқ, дунёқараши кенг, онги етук, турли вазиятлардан ўз ақл-идроки билан омон чиқа оладиган, мустақил фикрли, иродаси мустаҳкам, оғзаки ва ёзма нутқи равон, турли мафкуравий, маънавий таҳдидлар таъсирига бардош бера оладиган авлодни тарбиялашда муҳим ижтимоий, сиёсий, маданий вазифани бажарадиган мактаб дарсликларига ёрдамчи восита сифатида таълим тизимида ўзига хос ўрин эгаллади.
Дунё тилшунослигида оламнинг лисоний манзарасини идрок этиш соф миллий характерга эгалиги эътироф этилган. Шу сабабли жаҳон миқёсида тил лексик қатламининг барча сатҳларини комплекс акс эттириш ва унинг турли тоифа вакилларига хослаш, жумладан, лексик сатҳлар луғатини яратишда академик, катта, олий таълим тизими, юқори синф ўқувчилари, ўрта мактаб ўқувчилари, бошланғич синфлар, маттагача ёшдаги болалар учун мўлжалланган соддадан мураккаблашиб борувчи кўринишларини яратиш кун тартибидаги долзарб вазифалардан.
Ўзбекистон миллий мустақилликка эришгандан сўнг турли соҳаларда бўлгани каби ўзбек тилшунослиги фани ва уни ўқитиш билан шуғулланадиган мактаб она тили таълими соҳасида ҳам туб ислоҳотлар юз берди. Тилшунослик олдига тилнинг лингвистик хусусиятларини ўрганиш билан бирга тил ва унинг эгаси ўртасидаги муносабатларнинг тилга акс этиши, умуман, тилни ундан фойдаланувчи шахс омили билан боғлаб ўрганиш, мактаб она тили таълими олдига ўқувчиларни мустақил ва ижодий фикрлашга йўналтириш, уларга миллий ўзлигини танитиш, мулоқот ва муносабатнинг барча турларида ўзбек тилининг чексиз имкониятларидан бемалол, эркин, самарали, тўғри фойдалана олиш, нутқ одоби ва нутқий тактика сирларини эгаллаш билан боғлиқ зарурий кўникмаларни шакллантириш вазифаси қўйилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда узлуксиз таълимнинг турли бўғинларида таҳсил олувчилар учун мўлжаллаб тузилган луғатлар, хусусан, лексик қатламлар луғатларининг роли муҳим.
Фикрни таъсирчан, тўлиқ ва жозибали ифодалашда, нутқ маданиятини шакллантиришда синонимларнинг роли ниҳоятда муҳим. Узлуксиз таълимнинг мактабгача таълимдан олий филологик таълим тизимигача бўлган таҳсил олувчилар учун мўлжалланган ва босқичма-босқич мураккаблашиб борадиган синонимлар ўқув луғатини тузишнинг лингвистик асосларини ишлаб чиқиш, мазкур луғатлар учун синонимлар сўзлигини танлаш, уларни изоҳлаш принципларини ишлаб чиқиш ўзбек ўқув луғатчилигининг долзарб вазифаларидан.
Айтилаётган фикрлардан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, кейинги даврда тилшуносликнинг ушбу соҳасида анчагина амалий ишлар қилинди. Шу ишлардан яна бири «Ўзбек тилининг синоним сўзлар ўқув луғати» бўлиб, ушбу луғат филология фанлари доктори Б.Р.Менглиев масъул муҳаррирлигида Г.Р.Мирханова томонидан нашрга тайёрланди. Мазкур луғат ўқувчи-талабаларга, қолаверса кенг жамоатчиликка зарурий манба сифатида ишлатшлари учун ҳам зарурдир. Бухоро давлат университети бошланғич таълим назарияси кафедраси ўқитувчиси Мирханова Гуландом Рустамовна