БИР ГУРУҲ БУХОРОЛИКЛАР ДАВЛАТИМИЗНИНГ ЮКСАК МУКОФОТЛАРИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИЛАР

0
128

Халқ хўжалигининг барча жабҳаларида изчил ислоҳотлар, янгиланиш ва бунёдкорликлар амалга оширилаётган мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини янада юксалтириш, унинг қудрати ва халқаро майдондаги обрў-иззатини кўтаришга муносиб ҳисса қўшиш, шаҳар ва туманларимиз, чекка ҳудудларимизгача комплекс ривожлантириш, қишлоқ ва маҳалларни обод қилиш, халқнинг турмуш даражасини яхшилаш — бугун ўзини шу юрт тақдири ва тараққиётига дахлдор деб билган ҳар бир фуқаро учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Албатта, эзгу ва хайрли мақсад йўлида бу ишларга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг фидокорона меҳнати, Ватанга садоқати билан эл-юртга намуна бўлаётган юртдошларимиз хизматлари давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб қадрланмоқда ва рағбатлантирилмоқда. Юртимизда нишонланаётган турли саналар ва касб байрамлари муносабати билан ўз касбининг ҳақиқий устаси, заҳматкашига айланган ўнлаб, юзлаб фидойи юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланаётганликлари ҳам юқоридаги фикримиз исботидир.

Жорий йилда ҳам мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатор Фармонларига биноан Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги, Ўқитувчилар ва мураббийлар куни, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан ҳамда COVID-19 коронавируси таҳдиди хавф солган пандемия даврида халқимиз ҳаёти ва соғлигини сақлаб қолиш йўлида бор билими, куч ва салоҳиятини намоён этиб, алоҳида жонбозлик ва намуна кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланганликлари барчамизнинг кўнглимизни фахр-ифтихорга тўлдирди. Ана шундай фидойи, жонкуярлар қаторида бухоролик 61 нафар соҳа ходими, соғлиқни сақлаш, давлат ҳокимияти бошқарув идоралари, халқ таълими,  ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, турли ташкилот ва муассасалар ишчи-мутахассислари, ёшлар ҳамда меҳнат фахрийлар ҳам бор.

Вилоят ҳокимлигида Ватанимизнинг ана шундай юксак орден ва медалларига сазовор бўлган юртдошларимизни тақдирлаш маросими тантанали равишда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан бошланган тантанада  вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов сўзга чиқиб, меҳнати эътирофини топган вилоятдошларимизни эришган муваффақиятлари билан муборакбод этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари, орден ва медаллари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. 

Тантанада мукофотланганлар номидан Бухоро тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлиминниг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш бўйича аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Саида Жўраева, Бухоро давлат Тиббиёт институти қошидаги академик лицей директори, “Соғлом турмуш” медали соҳиби Раъно Исматова, Олот тумани ҳокими, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Наргиза Нематова, Бухоро вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази анестезиология ва реанимация бўлими мудири, “II даражали саломатлик” ордени соҳиби Усмон Олтиев, вилоят Туркман миллий маданий маркази раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Олим Раҳматовлар меҳнатлари юксак қадрлангани учун халқимизга, мамлакатимиз Президентига ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.

Бу шараф ва рағбат уларни янги муваффақиятлар сари бор куч ва билимларини сафарбар этиб ишлашга чорлаши таъкидланди.