«ЮРТЛАРНИ ЗАБТ ЭТГАН — ҲАЗРАТ НАВОИЙ, ҚАЛБЛАРГА НАҚШ БИТГАН – ҲАЗРАТ НАВОИЙ» деб номланган маънавий-маърифий, илмий-амалий анжуман

0
192

Анжуманнни лицей директори Р.А.Исматова кириш сўзи билан очиб, тадбирни ташкил этган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси М.С.Азимовани анжуман асосий дастури тақдимоти учун таклиф этди.

Анжуман ташкилотчиси М.С.Азимова сўзларини барча устозларни сўз мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги билан табриклашдан бошлади. Туркий адабий тил асосчиси Алишер Навоийнинг ҳаёт ва ижод йўли, бизгача етиб келган илмий мероси, Ҳазрат қолдирган маънавий хазинанинг бугунда ўрганилиш даражаси тўғрисида қисқача тўхталиб ўтди.

Сўнгра анжуманнинг асосий қисми бошланиб, маърузачи М.С.Азимова рубоий, қитъа, муаамо, таърих каби мумтоз шеърий жанрларнинг ўзига хос жиҳатлари, уларнинг Навоий ижодидаги ўрни тўғрисида батафсил маълумот берди. Алишер Навоийнинг юқоридаги жанрлар асосида битилган энг сара шеърий асарлари таҳлил қилинди, улардаги энг нозик жиҳатлар, бадиий санъатлар ва мисралардаги ботиний ва зоҳирий маъно анжуман иштирокчиларига тушунтириб ўтилди. Хусусан, амалий қисмда мумтоз адабиётдаги абжад ҳисоби бўйича таърих жанридаги ҳижрий саналар ҳисоблаб чиқилди, арабий ёзувларида акс этган бадиий жумбоқларни ечиш сингари топшириқлар барча ўқитувчилар қизиқишларига сабаб бўди.

Шундан сўнг анжуманнинг бадиий қисми бошланди. Бунда она тили ва адабиёти кафедрасининг барча ўқитувчилари Навоий ижодидан энг сара шеърий асарлардан мутолаа қилган бўлишса, лицей директори Р.А.Исматова Ҳазратнинг форс тилидаги, хорижий тиллар кафедраси ўқитувчилари инглиз, немис, француз ва рус каби жаҳон тилларига таржима қилинган сатрларини анжуман иштирокчиларига тақдим этишди. Она тили ва адабиёт кафедраси мудири Д.Б.Зарипова ўз ижодидан адабиёт дарғасига бағишланган ижод намунасини ўқиб эшиттирган бўлса, шу кафедранинг ёш ўқитувчилари “Хамса” достонидан Лайли ва Ширин монологини тақдим этишди.

Суҳбат сўнгида лицей директори Р.А.Исматова тадбирга ташриф буюрган меҳмон – БухДУ профессори, филология фанлари доктори Шарипова Л.Ф.га анжуман хулосаси учун сўз навбатини берди. Ўз навбатида устоз анжуман юқори савияда ташкил этилганини, ушбу каби илмий тадбирлар янада оммалаштирилиши кераклигини, бир сўз билан айтганда – анжуман ўз мақсадига эришганлигига алоҳида урғу берди.